Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ҚИЙНОҚҚА ҚАРШИ ХАЛҚАРО АНЖУМАН

20 Декабрь 2024, 07:12

151

ИИВ академиясида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзуига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.

Тадбир манфаатдор вазирлик ва идоралар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, қатор халқаро ташкилотларнинг минтақавий ваколатхоналари, шунингдек, мамлакатимиз ҳамда хорижнинг етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Анжуман аввалида ИИВ академияси раҳбари Р. Хатамов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А. Саидов сўз олиб, конференциянинг долзарб аҳамиятига тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, қийноқлар инсониятга қарши жиноят сифатида бутун дунёда қораланади. Қийноқларга чек қўйишга қаратилган амалий ҳаракатларга қарамай, ушбу муаммо бутунлай барҳам топгани йўқ. Бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталари, ҳатто, энг демократик давлатларда ҳам ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи ҳолатлар учраб туради.

Халқаро конференцияда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф. Эшматова, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари С. Ортиқова, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси минтақавий вакили О. Столп, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) С. Раҳмонова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакили Э. Юрковский, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори ўринбосари В. Эргашев, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари Е. Коленко ва бошқалар нутқ сўзлади. Қийноқларга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар, эришилган ижобий натижалар билан бирга, ечимини кутаётган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Кейинги йилларда инсон қадр-қиммати Ўзбекистонда энг олий қадриятга айлангани, шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қийноқларга қарши курашиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг муҳим фармон ва қарорлари қабул қилингани, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар самараси янги таҳрирдаги Конституциямизда акс этгани эътироф этилди.

Куннинг иккинчи ярмида конференция иши “Қийноққа солишга қарши курашишнинг халқаро ҳуқуқий асослари ва Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми”, “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жиноятига қарши курашишнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Ўзбекистон Республикасининг жазони ижро этиш сиёсатида маҳкум билан муомала бўйича халқаро стандартларни жорий этиш” мавзуидаги сессияларда давом эттирилди.

Соҳа мутахассислари, олимлар, хорижий ва маҳаллий экспертларнинг маърузалари тингланди. Қийноқларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш, халқаро ва миллий тажрибанинг илғор жиҳатлари асосида ҳуқуқни қўллаш амалиёти учун самарали ёндашувлар ишлаб чиқиш бўйича таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар юзасидан конференция резолюцияси қабул қилинди.

Шу куни анжуман доирасида Ички ишлар вазирлиги академияси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech