Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув курси

22 Февраль 2023, 07:02

1105

Ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш хизмати ходимлари учун “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ташкил этилди.

Малака ошириш курслари Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия ижросини таъминлаш, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш, шунингдек давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури доирасида ўтказилмоқда.

Бугун Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида ўқув курсининг биринчи босқичи бошланди. Машғулотлар аввалида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва Ички ишлар вазири ўринбосари – Тергов  департаменти бошлиғи Яҳё Абдулҳақов онлайн видеомурожаат йўллаб, ўқув курсидан кўзланган устувор мақсад ва вазифаларига тўхталиб ўтишди.  

Ўқув курси дастурида “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар”, “Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ, шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг мазмун-моҳияти”, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишининг олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши”, “Қийноққа қарши конвенцияга оид Факультатив протокол. Қийноқларнинг олдини олишга оид миллий превентив механизмлар: халқаро тажриба ва миллий амалиёт”, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти”, “Вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Ушлаб туриш, қамоққа олишга оид халқаро стандартлар, маҳбуслар ҳуқуқларини таъминлаш кафолатлари”, “Камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида маъруза ва амалий машғулотлар ўтказиш назарда тутилган.

Маърузалар Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси бошлиғи ўринбосари Музаффаржон Мамасидиқов, ИИВ Академиясининг Ташкилий-штат фаолияти кафедраси бошлиғи Олимжон Матчанов, Жазони ижро этиш фаолияти кафедраси доценти Қувонч Қодиров, ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси Жаҳонгир Якубов томонидан олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, қисқа муддатли ўқув курслари жорий йил давомида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил қилиниб, унда ички ишлар органлари ходимларининг касбий кўникмалари оширилади. Машғулотлар якунида иштирокчиларга сертификатлар берилади.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech