Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Қасамёд – ор-номус ва юксак шараф

03 Сентябрь 2024, 09:09

852

Она Ватанимизни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш, буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиш Янги Ўзбекистон ёшлари зиммасидаги шарафли бурчдир.

Ана шу эзгу мақсад йўлида Ички ишлар вазирлиги академиясига ўқишга кирган йигит-қизлар тантанали руҳда қасамёд қилдилар. Шу муносабат билан пойтахтимиздаги “ЖАР” стадионида бўлиб ўтган тадбирда Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, қатор давлат органларидан меҳмонлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов очиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги билан самимий қутлади. Шундан сўнг курсантлар юксак ғурур ва ифтихор билан шарафли бурчни виждонан бажаришга, чинакам халқпарвар ички ишлар органи ходими сифатида она Ватанимиз ва халқимизга чексиз садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қилдилар.

Айтиш жоизки, жорий йили академия курсантлари сафига етти юз нафарга яқин ўғил-қиз қабул қилинди. Курсантларнинг бошланғич касбий ва жанговар-жисмоний кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўқув-дала шароитида машғулотлар ташкил этилди. Энди улар уч йил давомида замон талаблари даражасида таълим оладилар.

Тантанали тадбирда ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов сўзга чиқиб, ички ишлар органлари фаолиятини такомиллаштириш, соҳа учун етук малакали кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.

Муҳтарам Президентимиз куни кеча мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда ёшларга мурожааат қилиб, “мамлакатимиз истиқболи, барча эзгу ниятларимиз ижобатини биз аввало сизларнинг тимсолингизда кўрамиз”, дея алоҳида таъкидладилар. Шу маънода, тизимдаги исҳолотларнинг амалий натижаси ҳам ўқув муассасаларида таълим олаётган ёшларнинг билим салоҳияти, касбига садоқати, юртга дахлдорлик ҳиссини намоён этишига боғлиқ. Бугун хизмат қасамёдини қабул қилиб, шарафли йўл сари илк қадамингизни ташладингиз. Зиммангизда замонавий билим ва кўникмаларни мукаммал эгаллаш, етук малакали мутахассис бўлиб камолга етиш, энг муҳими, Ватанимиз ва халқимизга юксак садоқат билан хизмат қилишдек масъулиятли вазифалар турибди, – деди Пўлат Бобожонов.

Шунингдек, тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов ҳам сўз олиб, ёшларни халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга, Янги Ўзбекистонимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга даъват этди.

– Инсон учун ўз Ватани, киндик қони тўкилган гўшадан муқаддас жой йўқ. Курсант ёшлар муқаддас қасамёдга содиқ қолиб, билим ва тафаккур, шижоат ва мардликда буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлишлари лозим. Шундагина эл-юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига ҳеч қандай ёвуз куч раҳна сола олмайди. Зеро, фарзандларимизнинг ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллаб, келажак мақсадларга эришиши учун барча имкониятлар яратилган, – деди ота-оналар номидан сўзга чиққан Наргиза Маюсупова.

Шу куни ўқишдаги ютуқлари билан тенгдошларига ибрат кўрсатаётган иқтидорли курсантлар ички ишлар вазири ҳамда “Жалолиддин Мангуберди” номидаги стипендияларга сазовор бўлди. Байрамона ўтган тадбир она юртимизни мадҳ этувчи қўшиқ билан кўтаринки руҳда якунланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech