Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Қарор ижроси изчил таъминланмоқда

12 Июн 2026, 22:41

170

Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, аҳоли муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини самарали ташкил этиш бугун энг устувор вазифага айланган.

ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов давлатимиз раҳбарининг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Бунёдобод” “Ҳабибий” ва “Ўзгариш” маҳаллаларида бўлди.

Манзилли ўрганишлар давомида маҳаллаларнинг криминоген вазияти, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг асл омиллари, уларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар, ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳлар фаолияти ва ўтган 5 ой мобайнида эришилган натижалар муҳокама қилинди.

Академия бошлиғи “жиноят ўчоқ”ларига барҳам бериш, ҳудудларни хавфсизлик тизимлари билан таъминлаш, аҳоли ўртасида ижтимоий профилактикани ташкил этиш, оилалардаги муаммоларни ўрганиш, маҳаллаларда хавфсиз кўча ва уйларни ташкил этиш юзасидан масъулларнинг ахборотини тинглади. “Маҳалла еттилиги” вакилларига бириктирилган алоҳида тоифадаги шахсларнинг ижтимоий-маиший ҳолатига эътибор қаратди.

Учрашувлар чоғида жойлардаги муаммолар атрофлича таҳлил қилинди. Ҳар бир хонадондаги муҳитни ўрганиш, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, ҳудудларни техник ва жисмоний қўриқловга олишни жадаллаштириш, жиноятчиликни камайтириш орқали криминоген вазиятни барқарорлаштириш зарурлиги айтилди.

Бундан ташқари, иккинчи чорак учун мўлжалланган “йўл харита”лар ижросини таъминлаш, “илмий хулоса – тавсия – натижа” тамойили асосида ўрганишлар натижадорлигини ошириш, манзилли профилактик ишларни кучайтириш борасида топшириқлар берилди.

Ўрганишлар якунида “пойтахт” тажрибаси асосида хавфсиз муҳитни шакллантиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди. Академия бошлиғи жиноятчиликни жиловлашда “маҳалла еттилиги” билан бирга, фуқароларнинг масъулиятини ошириш зарурлигини қайд этиб, устувор йўналишларни белгилаб берди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech