Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

ПСИХОЛОГЛАРГА СЕРТИФИКАТ ТОПШИРИЛДИ

20 Август 2022, 08:08

1059

Ички ишлар органи ходимлари юқори касбий тайёргарликка эга бўлиши керак. Айниқса хизмат давомида психологик чидамлиликни намоён этиш фаолиятга барқарор ижобий таъсир кўрсатади.

Аввал хабар қилинганидек, Ички ишлар вазирлиги академиясида ҳудудий ички ишлар органларининг психолог ходимлари учун қисқа муддатли ўқув йиғини ташкил этилган эди. Малака ошириш курслари соҳа вакилларининг касбий маҳоратини юксалтириш, малакали психолог-тренерлар тайёрлаш орқали ҳудудий ички ишлар органларида психологик муҳитни яхшилаш ҳамда шахсий таркиб билан олиб борилаётган профилактик ишлар самарадорлигини оширишга қаратилди.

Интерфаол ёндашувлар асосида ўтказилган машғулотлар давомида тингловчилар “Ички ишлар органлари ходимлари касбий фаолиятида низоли ҳолатлар ва уларнинг олдини олиш”, “Фуқаролар билан психологик алоқа ўрнатиш усуллари”, “Профайлинг хизматининг шахслараро муносабатда тутган ўрни”, “Ички ишлар органлари ходимларининг омма онги билан ишлаш методлари, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар билан ишлаш техникалари”, “Бошқарув психологияси. Раҳбар ахлоқи ва бошқарув маданияти, экспериментал психодиагностика асослари”, “Шахс хусусиятлари ва касбий компетенцияларини ташхис этиш методикалари” каби долзарб мавзуларда маъруза тингладилар. Бундан ташқари, тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан тренинг ва амалий машғулотлар ўтказилиб, замонавий психологияда қўлланилаётган илғор методлар тушунтириб ўтилди.

Ўқув йиғини якунларига бағишланган тадбирда таълим муассасаси раҳбари, полковник Рустам Хатамов иштирок этиб, ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида соҳа ходимларининг касбий тайёргарлигини оширишга қаратилган тизимли ишлар хусусида тўхталди.

– Замон шиддат билан ўзгариб боргани сайин, ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиши фаолияти ҳам мураккаблашиб бормоқда. Айниқса ҳозирги мураккаб шароит соҳа ходимларидан профессионал билим, зарур амалий кўникма юксак маънавий салоҳият ҳамда психологик тайёргарликни талаб этмоқда. Ички ишлар органларида психологик ишларни самарали ташкил этиш шахсий таркиб ўртасида маънавий-ахлоқий муҳитни барқарорлаштириш билан бирга, тизимнинг халқчил тузилма сифатида шаклланишига хизмат қилади, – деди Академия бошлиғи.

Айтиш жоизки, бир ҳафта давом этган ўқув йиғини психолог ходимлар учун зарур кўникма ва тавсияларга бой ўтди. Тадбир якунида Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ ҳамда вилоятлар ИИБларидан иштирок этган 28 нафар ходимга махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech