Сўнгги йилларда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Ички ишлар органларининг мазкур фаолиятини самарали ташкил этиш етук малакали кадрларга боғлиқ.
Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган давра суҳбатида пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманлари Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармалари вакиллари, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва криминология кафедраси профессор-ўқитувчилари ҳамда “ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти” ихтисослиги бўйича таълим олаётган курсантлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Академия бошлиғи ёрдамчиси, полковник Исмоил Ҳимматов тизимдаги изчил ислоҳотлар, хусусан, ҳудудларда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспекторидан иборат бешлик фаолиятининг йўлга қўйилгани жамиятимиз фаровонлигига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади.
Очиқ мулоқотда профилактика катта инспектори, майор Ғ. Мардиев, профилактика инспектори, капитан А. Раҳмонов сўзга чиқиб, ҳар бир маҳалла, оила ҳамда шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, “фуқаробай”, “оилабай” ва “маҳаллабай” ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш, шунингдек аҳолининг “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари”га киритилган қатлами билан манзилли ишлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли профилактик ишлар ҳақида гапириб беришди.
Мазкур фаолиятни такомиллаштиришда жиноятчиликни “илмий диагноз” орқали олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, Академия профессор-ўқитувчилари томонидан яратилган методик қўлланмалар ҳудудларда самарали татбиқ қилинаётгани таъкидланди. Ўқув даргоҳида таҳсил олаётган бўлажак профилактика инспекторларига муҳим тавсиялар берилди.
Тадбир якунида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан тайёрланган таҳлилий видеоролик намойиш этилди. Соҳа вакиллари курсантларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати