Маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш профилактика инспектори зиммасидаги энг муҳим вазифа. Бунинг учун улар зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиши, ўз фаолиятини яхши билиши лозим.
ИИВ Академиясининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолияти кафедраси томонидан кундузги таълим биринчи босқич курсантлари билан ўтказилаётган “Кичик финал” комплекс ўқув машғулотларида айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тажрибали профессор-ўқитувчилар, амалиёт ходимлари жалб қилинган машғулотлар намунали маҳалла-ҳуқуқ тартибот маскани ҳамда кафедра қошидаги ўқув-методик хонада олиб бориляпти.
Унга кўра, курсантлар профилактика инспектори фаолиятидаги ҳужжатлар (билдирги, ариза, баённома, далолатнома, тушунтириш хати, талабнома)ни тузиш ва расмийлаштириш ишларини амалда бажардилар. Якунда берилган топшириқнинг қай даражада бажарилгани соҳа мутахассислари томонидан баҳоланди. Бундан ташқари, уларга аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, маҳаллаларни криминоген вазиятига қараб тоифаларга ажратиш, ижтимоий профилактикани ташкил этиш ва амалга ошириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Аҳамиятлиси, ҳар бир машғулотнинг реал шароитга яқинлаштирилган ҳолда ўтказилаётгани ўқув жараёнида ўзлаштирилган назарий билимларни мустақил қўллаш, келгусидаги фаолиятга доир дастлабки кўникмаларни ҳосил қилишга ёрдам бермоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати