Таълим тизимидаги ислоҳотлар мамлакатнинг эртанги тараққиётига хизмат қилади. Ички ишлар органлари учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда қайси жиҳатларга эътибор қаратилмоқда?
ИИВ академиясида бир гуруҳ журналистлар иштирокида пресс-тур ташкил қилинди. Унда “O‘zbekiston-24”, “Yoshlar”, “Toshkent”, “Sevimli”, “Mening yurtim” телаканаллари, “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон” газеталари, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги вакиллари иштирок этди.
Пресс-тур аввалида академия фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш қилинди. Шундан сўнг оммавий ахборот воситалари ходимлари таълим маскани билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларга соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишлари, кейинги йилларда рўй берган улкан ўзгаришлар, эришилган натижалар, истиқболдаги устувор мақсадлар ҳақида маълумот берилди.
Профессор-ўқитувчилар ва таълим олувчилар учун яратилган замонавий шароитлар, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга қаратилган илғор ёндашувлар, ёшларни юксак ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги кенг қамровли ишлар журналистларда улкан таассурот қолдирди. Тадбир сўнггида ташкил қилинган анжуманда ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олишди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати