Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Пойтахт кўчаларида хавфсиз муҳит қандай таъминланмоқда?

18 Сентябр 2026, 21:54

48

Пойтахтимизда аҳоли учун замонавий инфратузилма яратиш, хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Рустам Хатамов мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги аҳоли гувжум жойларда бўлди.

Тунги ўрганишлар давомида “Элобод”, “Подшобоғ” ва “Оқибат” маҳаллаларида жамоат тартибини сақлаш, ҳудудларни қўриқлаш, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, айниқса безорилик жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, амалиётга татбиқ қилинган рақамли ёндашувлар таҳлил қилинди.

Академия бошлиғи дам олиш масканлари, сайлгоҳлар, овқатланиш ва савдо мажмуаларида бўлиб, тарбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқот қилди. Профилактика инспекторлари, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимлари фаолиятини ўрганиб, жамоат жойларида хавфсизлик чораларини кучайтириш, “102” тизимига тушган мурожаатларга тезкорлик билан муносабат билдириш, пойтахт аҳли ва меҳмонларининг осойишта ҳаётини таъминлаш юзасидан топшириқ берди.

Айтиш жоизки, “Буюк ипак йўли” метро бекати яқинида ҳуқуқ-тартибот маскани ташкил этилган бўлиб, масканга ҳудуддаги барча видеокамералар интеграция қилинган. Криминоген вазиятнинг куну тун назорат қилинаётгани шубҳали ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш, ҳуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш ва жиноятларни фош этишда муҳим омил бўлмоқда.

Бундан ташқари, аҳолига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Қўриқлаш департементи офиси фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерга келган фуқаролар хавфсизлик қурилмаларининг техник хусусиятлари, замонавий имкониятлари, улардан фойдаланиш самаралари ҳақида зарур маълумотлар олиши мумкин. Академия бошлиғи мазкур тажрибани кенг тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг огоҳлигини ошириш, техник қўриқлов хавфсизликнинг ишончли кафолати эканлигини ҳар бир юртдошимизга тушунтириш зарурлигини қайд этди.

Ўрганишлар якуни бўйича Мирзо Улуғбек тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида криминоген вазият билан боғлиқ умумий ҳолат юзасидан йиғилиш ҳам ўтказилди. Мутасадди раҳбарлар, масъуллар ва академия вакиллари иштирокида ўтган йиғилишда ички ишлар вазирининг жорий йил 8 сентябрдаги фармойишида белгилаб берилган долзарб вазифаларнинг ижроси муҳокама қилинди.

Масъулларга криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳоли билан манзилли ишлашни янада такомиллаштириш, жиноятчиликнинг сабаб ва шароитларини кунлик таҳлил қилиб бориш, муаммоларнинг ечимлари бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, ҳудудларга мос тажрибаларни яратиб амалиётга жорий қилиш борасида устувор вазифалар берилди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech