Ички ишлар вазирлиги қошидаги 1-сонли академик лицейда мастер-класс машғулотларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, академик лицейларга ўқув-услубий жиҳатдан кўмаклашиш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида ташкил этилган машғулотлар Ички ишлар вазирлиги академиясининг маҳоратли профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилмоқда.
Тасдиқланган жадвалга асосан, академик лицей ўқитувчилари учун “жиноят ҳуқуқи”, “жиноят-процессуал ҳуқуқ”, “конституциявий ҳуқуқ” фанлари ҳамда илмий-тадқиқот фаолияти бўйича маҳорат дарслари ўтказилади. Бунда ўқув жараёнини самарали ташкил этиш, машғулотларда интерфаол методлар ва ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш, инновацион таълимни ривожлантириш, хорижий тажрибанинг ўзига хос ёндашувларини қўллаш, шунингдек педагогик фаолиятни илмий салоҳият орқали юксалтириш бўйича соҳа вакилларининг малакасини оширилади.
Академиянинг Жиноят ҳуқуқи кафедраси доценти Мақсуд Қаландаров ўтказган илк машғулотда илғор инновацион методларнинг аҳамияти, кадрларни мақсадли тайёрлашда замонавий ўқитиш усулларининг хусусияти атрофлича тушунтирилди. Машғулот иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати