Ички ишлар вазирлиги академиясида Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникatsiялар университети ректори, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси Бошқарув кенгаши раиси Шерзодхон Қудратхўжа билан учрашув бўлиб ўтди.
Академия раҳбарияти, университет профессор-ўқитувчилари, “Халқаро пресс-клуб” нодавлат-нотижорат ташкилоти вакиллари ва журналистлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда кечаётган демократик янгиланишлар жараёнида оммавий ахборот воситаларининг ўрни, ахборот маконидаги таҳдидлар ҳамда миллий контентни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот чоғида мафкуравий урушлар кенг тус олаётган бугунги глобал шароитда жамиятимизни турли салбий ахборотлар таъсиридан ҳимоя қилиш, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш, миллий манфаатларимизга мос миллий контент яратиш, дезинформatsiя жараёнларига қарши курашиш, медиа тузилмалар ва ахборот хизматлари фаолиятини жонлантириш, тезкорлик, холислик ва очиқликни таъминлаш долзарб аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Муҳтарам Президентимиз эътибори билан давлат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлиги таъминланаётгани, уларнинг кенг жамоатчилик олдида ҳисобдорлиги ошаётгани мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилаётгани қайд этилди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбари Рустам Хатамов ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникatsiялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ҳамкорлик тўғрисида меморандумни имзоладилар.
Шу куни меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишдилар. Уларга бакалавриат ва магистратура босқичлари, юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган илғор ёндашувлар, академиянинг халқаро ҳамкорлик алоқалари ва замонавий инфратузилмаси ҳақида маълумот берилди.
Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа таълимни рақамлаштириш, назария ва амалиётни уйғунлаштиришга қаратилган янги механизмлар, илмий салоҳиятни ошириш, ёшларнинг ватанпарварлик фазилатларини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.
Танишувдан сўнг ахборот-ресурс марказида магистратура профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари учун давра суҳбати ташкил қилинди. Унда давлат органлари фаолиятида очиқликни таъминлаш мезонлари, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантиришда раҳбар кадрларнинг ўрни, бошқарувнинг ўзига хос талаблари ҳақида сўз борди.
– Менга “замонавий раҳбар қандай бўлиши керак?” деган савол билан кўп мурожаат қилишади. “Бугуннинг раҳбари қайси соҳада бўлмасин, биринчи навбатда, муҳтарам Президентимиздан андоза олиши керак!”, деб жавоб бераман. Ўзини қийнамаган, фаолиятига таниқидий ёндашмаган, халқимиз билан самимий мулоқот қилмаган, ўз устида ишламаган раҳбар ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Барчамиз билим ва салоҳиятимиз, фидойилигимиз билан давлатимиз раҳбарига таянч бўлишимиз керак. Шунданига буюк аждодларимиз бошлаб берган Ренессансга, юксак тараққиётга эришамиз, – деди сиёсий фанлар доктори, профессор Шерзодхон Қудратхўжа.
Мулоқот давомида раҳбарлик фазилатлари, оммавий ахборот воситалари билан самарали ишлаш йўллари, ички ишлар органи ходимларининг жамиятдаги обрўйини юксалтириш омиллари хусусида тингловчиларга зарур тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати