21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан ИИВ Академияси курсантлари ўртасида кўрик-танлов ўтказилди.
Она тилимизни асраб-авайлаш, унинг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини мустаҳкамлаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва маънавий дунёқарашини юксалтириш мақсадида ташкил этилган тадбирга Ички ишлар вазирлиги вакиллари, тилшунос олим ва мутахассислар таклиф қилинди.
Тадбир аввалида ички ишлар вазири маслаҳатчиси Хуршидбек Рўзиев, вазирликнинг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Умидбек Нуруллаев, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири Ёрқинжон Одиловлар сўз олиб, ўзбек тилини ривожлантириш, тил сиёсатини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтишди.
Кўрик-танловда жамоалар учта шарт бўйича беллашди. Тажрибали мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир жамоанинг чиқиши муносиб баҳоланди. Қизиқарли саҳна кўринишларига бой ўтган тадбир якунида “Ренессанс” жамоаси биринчи ўринни, “Тилшунос” жамоаси иккинчи ўринни ва “Ирфон” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар бу каби танловлар ўзбек тилининг жамиятимиздаги ўрни ва обрўйини янада оширишда ўзига хос ўрин тутишини таъкидладилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати