Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Осуда жойда, ободлик бўлади

09 Февраль 2022, 11:02

1162

Икки йил олдин Зафаробод туманининг “Чимқўрғон” қишлоқ фуқаролар йиғини жиноятчилик аҳволи бўйича энг оғир ҳудудлардан бири эди. Бироқ вазият бугун бутунлай бошқача.

Маҳалла фаоллари, сектор вакиллари ва профилактика инспекторининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига жиноятчиликни жиловлашга эришилди. Чунончи, 2020 йили ҚФЙ ҳудудида 9 та жиноят қайд қилинган бўлса, ўтган йил давомида бир маротаба ўғирлик жинояти содир этилди, холос. Натижада, қишлоқ “сариқ” тоифадаги ҳудуддан жой олди.

“Чимқўрғон” ҚФЙ фаолларининг таъкидлашича, давлатимиз раҳбарининг эътибори билан олис ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг муаммо ва ташвишлари “фуқаробай” ёндашув асосида манзилли ҳал этилмоқда. Ҳозирги кунда қишлоқ фуқаролар йиғинида беш юздан зиёд оила истиқомат қилади. Аҳолининг 42 нафари “темир дафтар”, “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари”га киритилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, доимий иш ўрнига эга бўлмаганларни касб-ҳунарга йўналтириш, ёшларни фойдали машғулотларга жалб этиш борасида қилинаётган ишлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш имконини бермоқда.

Шу ўринда ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларидан иборат ишчи гуруҳи фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўтган 2021 йил давомида ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда содир этилган ҳар бир жиноят ва ҳуқуқбузарликнинг сабаб ҳамда шарт-шароитлари илмий асосда ўрганилиб, криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган профилактик тадбирлар амалга оширилди. Маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларига амалий ёрдам кўрсатилиб, кўплаб муаммолар туман мутасаддилари билан биргаликда жойида ҳал этилди.

Ишчи гуруҳи вакиллари айни кунларда ҳам қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида профилактик тарғибот ишларини олиб бораяптилар. Аҳоли билан ўтказилаётган мулоқотлар чоғида криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида маҳалла фаоллари ҳамда профилактика инспекторларига зарур тавсиялар берилмоқда. Маълум бўлишича, қишлоқ ёшлари учун кутубхона, маънавият ва маънавият марказини барпо этиш, қўшимча иш ўринларини яратиш, ҳудуддаги айрим корхона ва ташкилотларга кузатув камераларини ўрнатиш борасида қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Бу масалаларнинг ижобий ечим топиши аҳоли даромадининг кўпайишига, жиноятларнинг камайишига хизмат қилади. Зеро, тинч-осуда жойдагина, ободлик бўлади.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech