Юртимизда маҳаллаларни обод ва хавфсиз ҳудудга айлантириш, аҳоли билан самарали мулоқот қилиш, муаммоларни манзилли ҳал этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, юрт тинчлиги маҳалладан бошланади.
ИИВ Академияси профессор-ўқитувчиларининг Қашқадарё вилоятига сафари давомида айни жиҳатлар эътибор марказида бўлди. Маҳалла фаоллари билан ўтказилган учрашувларда криминоген вазият билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, аксарият маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича самарали тизим яратилган. Ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар натижасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга эришилмоқда. Шунга қарамай, айрим ҳудудларда олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар салмоғи ошган.
Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан “қизил” тоифадаги маҳаллалар аҳволи ўрганилиб, криминоген вазиятга салбий кўрсатаётган омиллар таҳлил қилинди. Масъулларга ҳуқуқбузарликлар профилактикасини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш, “яшил” ҳудудларнинг ижобий тажрибасини оммалаштириш, ҳар бир муаммога ечим топиш, бу борада “маҳалла еттилиги” тизими имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.
Ҳудудларни ўрганиш давомида аҳоли, айниқса ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, қўшимча иш ўринларини яратиш, ҳуқуқий тарғибот ишлари таъсирчанлигини ошириш, жиноятчиликка имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш каби масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари учун ўқув машғулотлари ташкил этилиб, тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар, раҳбарларга қўйилаётган долзарб талаблар етказилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати