ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов пойтахтимизнинг Олмазор туманида жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида масъул раҳбарлар ва академия вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда долзарб масалалар муҳокама қилинди. Ҳудудларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар ва жиноятчилик кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, аҳоли учун хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Шундан сўнг академия бошлиғи “Форобий” ва “Беруний” кўчаларидаги аҳоли гавжум масканлар, “жиноят ўчоқ”лари сифатида белгиланган ҳудудларни кўздан кечирди. Фуқаролар билан мулоқот чоғида пойтахтимизда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш мақсадида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, маҳаллалардаги муаммолар манзилли ҳал этилаётгани, ҳозирги масъулиятли пайтда жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси осойишталикни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини таъкидлади.
Шу билан бирга, безорилик жиноятлари кўп қайд этилаётган жойларга қўшимча куч ва воситаларни йўналтириш, ҳудудларга ташвиш тугмалари ва замонавий камералар ўрнатиш, “102” рақами орқали келиб тушаётган мурожаатларга зудлик билан муносабат билдириш, уюшмаган ёшлар назоратини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш чораларини кўриш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Ўрганишлар давомида ҳудудлардаги ҳар бир муаммо жойида муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланди. Академия бошлиғи чинакам хавфсиз муҳитни шакллантириш учун маҳаллалар жиноятдан холи бўлиши, одамлар куну тун бехавотир юриши, ўзи ва мол-мулкининг хавфсизлигига ишонч ҳосил қилиши, шундагина кўзланган мақсад ўз натижасини кўрсатишини таъкидлади.
ИИВ академияси Ахборот хизмати