Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги 23-сонли умумтаълим мактабида ватанпарварликни тарғиб қилувчи тадбир ўтказилди.
Тадбирда ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари сўз олиб, оталиққа олинган мактабларда ўтказилаётган учрашувлар ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни касб-ҳунарга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўқувчиларнинг маънавий дунёқараши, ҳуқуқий маданияти, ватанпарварлик, дахлдорлик туйғуларини юксалтириш галдаги тадбирнинг асосий мақсади эканлиги айтилди.
Учрашувда мактаб битирувчиларига зарур тавсиялар берилди. Замонавий касблар, талаб юқори бўлган мутахассисликлар, олий таълим муассасаларида яратилган имкониятлар, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги академиясининг мақсад ва вазифалари тушунтирилди.
Шу куни ўқувчилар иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилиб, билимдонларга турфа китоблар совға қилинди. Академия курсантларининг кўргазмали машқлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ижро этган куй-қўшиқлар, айниқса истеъдодли ўқувчилар тайёрлаган чиқишлар барчага манзур бўлди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати