Фавқулодда вазиятларда инсоннинг хавфсизлиги кўп жиҳатдан унинг тайёргарлиги, тезкор фикрлаши ва тўғри ҳаракат қилишига боғлиқ. Айниқса, бундай кўникмаларни ёшликдан шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 121-умумтаълим мактабида ташкил этилган ўқув-амалий тадбир айни шу мақсадга қаратилди.
ИИВ академиясининг жанговар ва жисмоний тайёргарлик кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган машғулотларда ўқувчиларга экстремал вазиятларда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш, юзага келиши мумкин бўлган хавфларни баҳолаш ҳамда мураккаб шароитларда тўғри ҳаракатланиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Амалий машғулотларда ёшлар қутқарувчилар учун мўлжалланган мобил ўқув минораси, махсус тўсиқлар мажмуаси ва жисмоний тренажёрлардан фойдаланиб, баландликда ҳаракатланиш, тўсиқларни енгиб ўтиш ҳамда тоғ-қутқарув шароитига оид машқларни бажардилар.
Тадбир ёшларга жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда экстремал вазиятларда зарур бўладиган дастлабки амалий кўникмаларни эгаллаш имконини берди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати