Ички ишлар вазирлиги томонидан оталиққа олинган умумтаълим мактабларида ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилиб, ўқувчилар билан очиқ мулоқот қилинди.
Тадбир ўсмир-ёшларнинг ҳуқуқ онги ва маданиятини юксалтириш, уларни замонавий касбларга қизиқтириш, юртимизнинг чекка ҳудудларида олий таълим қамровини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Фарғона, Қувасой, Марғилон шаҳарлари ва Қува туманидаги 1, 21, 25, 9-сонли умумтаълим мактабларида ўтказилган тадбирлар ёшлар учун фойдали тавсияларга бой бўлди. Қизғин мулоқотлар жараёнида уларнинг билим салоҳияти, ўқиш ва касб эгаллашга иштиёқи, келажакдаги мақсадлари ўрганилди.
– Ёшларимизнинг онги ва дунёқараши ўзгариб бормоқда. Бундай шароитда уларни тўғри мақсад сари йўналтириш муҳим аҳамият касб этади. Учрашувлар чоғида ўқувчиларга илм-маърифатли бўлиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, келгусида маълум бир касбни эгаллашнинг фойдали жиҳатларини тушунтирдик, – дейди ИИВ академияси бошлиғи ўринбосари Турғун Кучкаров.
Айтиш жоизки, ишчи гуруҳ томонидан мактабларда ўқувчилар учун яратилган шароитлар ҳам ўрганилди. Қўшимча фан тўгаракларини ташкил этиш, ёшлар ўртасида спорт тадбирлари қамровини ошириш, касб-ҳунарга қизиқувчи ўқувчиларни устоз-шогирдликка бириктириш, “маҳалла – мактаб – оила” тизими асосида ҳуқуқий тарғиботлар ўтказиш юзасидан қатор вазифалар белгилаб олинди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати