Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги ИИВ Ўқув-дала марказида ёшларнинг ватанпарварлик туйғулари ва жанговар-жисмоний тайёргарлигини кучайтиришга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Ҳарбий тайёргарлик кафедраси томонидан ташкил қилинган мусобақада Академия кундузги таълим 1-ўқув курсидан таркиб топган 7 та отряд ғолиблик учун куч синашди. Беллашув “Тезкор мўлжал олиш”, “Жанг майдонидан ярадорни олиб чиқиш ва ўқ-дори қутиларини манзилга етказиш”, “Калашников” қуролини қисмларга ажратиш ва йиғиш” шартларидан иборат бўлди. Мусобақа якунига кўра, иккинчи, тўртинчи ва олтинчи отряд жамоалари энг яхши натижаларни қайд этишди.
* * *
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбати “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” консептуал ғоясига бағишланди.
Тадбирда сиёсий фанлар доктори Мансур Мусаев, фалсафа фанлари доктори, профессор, полковник Сирочжон Бердиқулов, майор Фарҳод Тоштемиров сўз олиб, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор мақсад ва вазифалари, ички ишлар органларида маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар, бу борада давлатимиз раҳбарининг ПҚ-5050-сонли қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясининг мазмун-моҳияти хусусида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати