Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Ўқув-дала марказида “уч авлод учрашуви”

15 Август 2023, 04:08

1102

Ёшларни юксак инсоний фазилатлар билан камол топтиришда кекса авлод вакилларининг алоҳида ўрни бор. Улар босиб ўтган ҳаёт мактаби ёш авлод учун ибрат манбаи, ҳавас қилса арзигулик шарафли йўлдир.      

ИИВ Ўқув-дала марказида ташкил этилган учрашувга кўп йиллик меҳнат фаолияти билан тизим равнақига ҳисса қўшган ва устозлик мақомига эришган бир гуруҳ фахрийлар таклиф қилинди. Кундузги таълим 1-ўқув курси курсантлари, саф қисми офицерлари, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари иштирок этган тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтди.

“Уч авлод учрашуви”да истефодаги генерал-майор Мирсамад Адилов, истефодаги полковниклар Абдукарим Шодиев, Аброр Ибрагимов, юридик фанлар доктори, профессор Ахтам Турсунов, полковник Исмоил Ҳимматовлар сўз олиб, ички ишлар органларида хизмат қилишнинг масъулиятли ва шарафли жиҳатларига тўхталиб ўтишди.

– Бугунги кунда тизимнинг ҳар бир соҳавий хизмати улкан ислоҳотларни бошдан кечирмоқда. Ички ишлар органларида хизмат қилиш учун ҳар бир ходим кенг билим ва дунёқараш, зарур амалий кўникмалар, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар эгаси бўлиши керак. Шундагина, ички ишлар органларини халқчил тузилмага айлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беради, – деди полковник Абдукарим Шодиев.

Мулоқот чоғида тизим фидойилари ёшларга зарур маслаҳатлар беришди. Таълим муассасасида “устоз-шогирд” анъаналарининг самарали йўлга қўйилгани, билим олиш, илм билан шуғулланиш, келгусида етук малакали мутахассис кадр бўлишни мақсад қилган ёшлар учун улкан имкониятлар яратилгани таъкидланди.

– Сизлар учун эшигимиз ҳамиша очиқ, – деди Академия бошлиғининг ёрдамчиси, полковник Исмоил Ҳимматов. – Биз ҳам устозларга ҳавас қилиб, улардан ибрат олиб, ҳаётда маълум ютуқларга эришганмиз. Шу маънода, сизларга тўғри таълим-тарбия бериш устозлар зиммасидаги улкан вазифа. Боболаримизда “ўқиб-ўрганган олим”, деган пурҳикмат гап бор. Аъло баҳоларга ўқиб, ўз бурчингизни муносиб адо этсангиз, наинки, устозларингиз, балки ота-онангиз ва маҳалла-кўйнинг ҳам юзи ёруғ бўлади.

Тадбир давомида бадиий ҳаваскорлик тўгараги аъзолари томонидан ватанпарварликни мадҳ этувчи қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташаббуси билан китоб ярмаркаси ўтказилди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech