21 май куни пойтахтимизда ўтган “Мен ғолиб” оммавий югуриш марафонида 2 минг нафарга яқин ҳаваскор ва профессионал спортчилар қатнашди.
Тадбир Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Енгил атлетика федерацияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақа аввалида сўзга чиққанлар анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган югуриш мусобақалари нафақат ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари курсантлари, балки аҳолиси ўртасида тобора оммалашиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Шундан сўнг “Humo Arena” спорт мажмуаси олдидан марафонга старт берилди. Иштирокчилар 3 ва 10 километрлик масофани босиб ўтиш бўйича курашга киришдилар. Мусобақа якунида ғолиблар шахсий биринчилик ва жамоавий тарзда аниқланди.
Қувонарлиси, оммавий югуриш марафонида ИИВ Академияси курсантлари ҳам муносиб иштирок этиб, совриндорлар қаторида жой олишди. 10 километр масофага югуриш бўйича эркаклар ўртасида Акмал Салаев биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Файзулло Ҳабибуллаев маррага учинчи бўлиб етиб келди.
Курсант қизларимиз орасида дастлабки олтин медалга Ирода Бекмирзаева сазовор бўлди. Ундан кейин финишга етиб келган Мияссар Кушмуротовага эса кумуш медал насиб қилди. Жамоамиз ҳисобига навбатдаги кумуш ва бронза медалларни 3 километр масофага югурган Машҳура Саидқулова ҳамда Меҳрангиз Нарзуллаева олиб келди.
Шу тариқа ИИВ Академияси вакиллари ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим муассасалари ўртасида умумжамоа ҳисобида фахрли иккинчи ўринга сазовор бўлишди.
Ғолиблар диплом, медал ва қимматбаҳо совғалар билан тантанали равишда тақдирланди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати