ИИВ академиясида аёллар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Президентимизнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қарори асосида ташкил этилган тадбирда ҳуқуқшунос олимлар, ёш тадқиқотчилар ҳамда курсантлар қатнашди.
Давра суҳбатида оила-турмуш муносабатлари доирасида ҳамда аёллар томонидан содир этилаётган жиноятлар, уларнинг асл омиллари, олдини олиш чоралари муҳокама қилинди. Долзарб мавзу юзасидан юридик фанлар доктори, профессор Мавжуда Ражабова, сиёсий фанлар доктори (DSc), профессор Насиба Турғунова, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент Дилноза Тўраева ва бошқалар сўзга чиқди.
Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноят содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, бу борадаги механизмлар ва ҳуқуқий нормаларни такомиллаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати