Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Оила тинчлиги – фаровонлик омили

12 Май 2022, 07:05

1543

Халқаро оила куни муносабати билан ИИВ Академиясида “Оила кодекси – мустаҳкам оила таянчи” мавзуида онлайн илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти, Ёшлар ишлари агентлиги, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди, Учтепа тумани ФҲДЁ бўлими вакиллари, шунингдек олий таълим муассасаларидан эксперт ва олимлар иштирок этган тадбирда оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

Бугун юртимизда 8,5 миллионга яқин оила истиқомат қилмоқда. Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида оила институтини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, гендер тенгликка эришиш, айниқса хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.  “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояси асосида оила институтини такомиллаштиришда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқароларнинг яқин ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси қабул қилинди.

Илмий-анжуманда сўзга чиққанлар “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи – келажак авлод пойдевори”, “Оилавий муносабатларни шартномавий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш масалалари”, “Оила қонунчилигида гендер тенглиги: муаммо ва ечимлар”, “Вояга етмаган болаларнинг таъминот ҳуқуқи – давлат ҳимоясида” ҳамда бошқа долзарб мавзуларда ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

– Мазкур йўналишда қабул қилинаётган давлат дастурлари, аввало, оилалар манфаатини кўзлагани, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли, – дейди  Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари, юридик фанлар номзоди Раъно Турдибоева. – Бу борада амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида 2020–2021 йилларда ажралиш ёқасига келиб қолган 50 мингга яқин оилалар яраштирилди, 20 мингдан зиёд оилада никоҳ қонунийлаштирилди, 6 мингга яқин оиланинг нотинчлигига барҳам берилди. Аммо ёшларнинг оилага нисбатан муносабатини тўғри шакллантириш, таъбир жоиз бўлса, масъулиятини кучайтириш, юртимиздаги оилаларни ажримлардан ҳимоялаш борасида кўплаб вазифалар турибди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган анжуманда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари фаолиятини кучайтириш, низоли оилалар билан манзилли профилактик ишларни амалга ошириш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашнинг самарали механизмларини татбиқ этиш, ҳозирги глобаллашув шароитида оила ва жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, амалдаги қонунчилик такомиллаштириш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.  

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech