15 май жаҳон бўйлаб Халқаро оилалар куни сифатида нишонланади. Ушбу сана муносабати билан ИИВ Академиясида илмий-амалий конференция ўтказилди.
“Ўзбекистон Республикасининг оила қонунчилигини такомиллаштириш истиқболлари” мавзуида ташкил этилган анжуманда қатор вазирлик ва идоралар вакиллари, соҳа мутахассислари, ҳуқуқшунос олимлар иштирок этди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда оила институтининг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борадаги изчил чора-тадбирлар жамиятда соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни қарор топтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ўзаро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Зеро, оила тинч бўлса, маҳалла, юрт фаровон бўлади.
Анжуманда “Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда оила ва гендер қонунчилигини такомиллаштиришнинг ўрни”, “Никоҳдан суд тартибида ажратишнинг назарий ва амалий муаммолари”, “Оиланинг асоси сифатида никоҳ тузиш шартларини такомиллаштириш”, “Гендер тенглиги масаласига хорижий ва миллий ёндашув”, “Болаларни оилавий тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг назарий, хуқуқий ва амалий муаммолари” мавзуларида маърузалар тингланди.
Оила институтининг муҳим масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати