Ички ишлар вазирлиги академияда ўтказилган “Очиқ эшиклар куни” ёшлар учун фойдали тавсияларга бой бўлди.
Келажакда ушбу даргоҳда ўқиш ва шарафли касбни эгаллаш мақсадида келган ИИВ 1-сонли академик лицейи ўқувчилари дастлаб ахборот-ресурс маркази фаолияти билан танишдилар. Масканнинг улкан имкониятлари, бу ерда жамланган китоблар фонди, курсантлар учун яратилган замонавий шароитлар, айниқса “Буюк соҳибқирон Амир Темур” ва “Турон қоплони Жалолиддин Мангуберди” хоналари ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Саф майдонидаги кўргазма чоғида ёшларга таълим жараёнида қўлланилаётган замонавий техник воситалар ҳамда жанговар қуроллар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг маънавият ва маърифат марказида бевосита мулоқот ташкил қилинди. Академик лицей раҳбарияти, бир гуруҳ профессор-ўқитувчилар ва курсантлар иштирок этган учрашувда академияга ўқишга кириш тартиби, имтиҳонлар ва ихтисослик йўналишлари хусусиятлари, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида таълим жараёнига жорий қилинган илғор ёндашувлар ҳақида сўз борди. Айниқса фаол ва ташаббускор курсантларнинг сўз олгани ўқувчиларга катта мотивация улашди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати