Учрашувда мамлакатимиз ички ишлар органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, етук малакали кадрлар тайёрлаш борасидаги чора-тадбирлар хусусида сўз борди.
Академиянинг Дастлабки тергов ва криминалистика кафедраси ўқитувчиси, подполковник Зокиржон Жабборов сўз олиб, давлатимиз раҳбарининг ПҚ-5076-сонли қарорида белгиланган вазифалар, амалиётга жорий қилинган янги механизмлар, шунингдек ИИВ Академияси фаолиятидаги туб ислоҳотларни тушунтириб ўтди.
Таъкидланганидек, жорий ўқув йилиндан бошлаб Академияда жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган икки босқичли олий таълим тизими жорий этилди. Ўқув жараёни кадрларни мақсадли касбий тайёрлашга қаратилиб, кундузги таълим шаклига қабул қилинган курсантлар биринчи курсдан бошлаб мутахассислик ва юридик билимлари ҳамда жанговар-жисмоний кўникмаларини шакллантириб келмоқдалар. Бундан ташқари, назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш мақсадида ўқув тизими такомиллаштирилиб, кадрлар салоҳиятини юксалтиришга қаратилган илғор методлар самарали татбиқ қилинди.
Учрашув Академияга кириш учун ўтказиладиган синовлар, курсантлар учун яратилган имтиёз ва шарт-шароитлар ҳақидаги савол-жавоблар билан давом этди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати