Ички ишлар органлари тизимида ёшлар ҳафталиги доирасида ИИВ академияси курсантлари билан учрашув ташкил қилинди.
Тадбирда академия бошлиғи ўринбосари Бобур Дадажонов, таниқли олима Жамила Шермуҳаммедова, “Зулфия” мукофоти соҳибаси Ширин Абдуллаева ва бошқалар сўз олиб, билим олиш, илм-маърифатли бўлиш, буюк мақсадлар сари интилишнинг шахс камолотидаги ўрни, инсон қадри улуғланган юртимизда ёш авлод вакилларига қаратилаётган улкан эътибор, юртимиз ёшлари эришаётган оламшумул ютуқлар ҳақида фахрланиб гапиришди.
“Ёшларимиз янги куч, улкан салоҳият ва шижоат билан ислоҳотлар майдонига кириб келмоқда. Биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, эзгу мақсадлар йўлида руҳлантиришимиз лозим”, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши бўлим бошлиғи Сарвар Исмоилов.
“Яқиндагина ушбу даргоҳни битиргандим. Шу кунгача эришган ютуқларимда, аввало, ота-онам ва устозларим берган таълим-тарбия, қолаверса, келажак мақсадларим сари интилишим сабаб бўлди, десам, муболаға бўлмайди. Шундай экан, тенгдошларимга ҳам замонавий билимларни пухта эгаллашни, вақт қадрини англашни, меҳнатдан қочмасликни тавсия берган бўлардим”, – дейди ИИВ Ташкилий департаменти катта инспектори, “Илҳом” мукофоти совриндори, лейтенант Жавоҳир Бафоев.
Тадбир давомида курсантларга маслаҳат ва тавсиялар берилди. Юртимизни мадҳ этган қўшиқлар ёшларнинг ватанпарварлик руҳини янада оширишга хизмат қилди.
Айтиш жоизки, 18-25 декабрь кунлари пойтахтимиз мезбонлик қилган “Ёшлар ҳафталиги – 2024” доирасида республикамизнинг турли ҳудудларидан келган ёш ходимлар учун мотивацион тадбирлар ташкил қилинди. Турли жабҳаларда фаол ташаббус кўрсатаётган ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати