Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши

25 Август 2023, 03:08

877

ИИВ Академиясида олий ҳарбий таълим муассасаларининг ўқув-тарбиявий ва илмий-методик фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгашга аъзо ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, соҳа вакиллари иштирок этган йиғилишни Академия бошлиғи, полковник Рустам Хатамов олиб борди.

Йиғилишда мувофиқлаштирувчи кенгашнинг 2023/2024 йилларга мўлжалланган “йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар, жумладан, таълим муассасаларида ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ва инновациялар фаолияти натижадорлигини ошириш, тарбиявий-мавкуравий йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш каби устувор вазифалар ижроси муҳокама қилинди. Шунингдек, кенгашнинг асосий фаолият йўналишидан келиб чиқиб, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим тизимини ривожлантириш стратегиясини изчил амалга ошириш, миллий ва хорижий тажрибанинг илғор ютуқлари асосида замонавий таълим дастурларини амалиётга жорий қилиш, илмий салоҳиятни юксалтириш, ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги ишлар самарадорлиги ошириш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Шу куннинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида касбий тайёргарликни таъминлаш: тенденциялар ва истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ҳам ўтказилди.

Анжуманда Қуролли Кучлар академияси, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Давлат хавфсизлик хизмати академияси, Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда ИИВ Академияси вакиллари сўз олиб, “Таълим жараёнини уйғунлаштиришнинг долзарб масалалари: алоқа нуқталари ва фойдаланилмаган имкониятлар”, “Касбий фаолият самарадорлигини оширишнинг акмеологик усуллари”, “Курсантларнинг илмий салоҳияти касбий тайёргарликнинг муҳим омили сифатида”, “Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш”, “Ўзбекистон Республикаси офицерлар тайёрлаш тизимида олий таълим сифатини таъминлашнинг долзарб масалалари” мавзуларида маъруза қилишди.

Ишчан руҳда ўтган конференция якунида турдош таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликнинг замонавий ёндашувларини ишлаб чиқиш, хорижий шериклар билан илмий ва илмий-техник фаолиятни ривожлантириш, соҳадаги талаб ва илғор хорижий тажриба таҳлили асосида ўқув режа ва дастурларини тизимли равишда такомиллаштириш ҳамда таълим тизимидаги мавжуд бошқа муаммоларнинг ечимларига қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech