Бугунги кунда маҳаллалар аҳолига энг яқин, халқчил тузилмага айланиб бормоқда. Тизим фаолиятини самарали ташкил этиш жиноятчиликни жиловлашга ҳам боғлиқ.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 январдаги қарори долзарб аҳамият касб этди, албатта. Мазкур қарор билан маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг янада самарали ва натижадор тизими йўлга қўйилди.
Ҳозирда қарор ижроси юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, айни жараёнда ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Чунончи, Бухоро вилоятига бириктирилган ишчи гуруҳ томонидан шу кунгача Ғиждувон, Вобкент, Шофиркон, Ромитан, Жондор, Қоровулбозор, Олот ва бошқа жойлардаги 60 га яқин маҳалла ўрганилди. Натижада, жиноятчиликнинг асл омиллари, криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган “жиноят ўчоқ”лари аниқланди.
Ишчи гуруҳ раҳбари, подполковник Санжар Шариповнинг таъкидлашича, “маҳалла еттилиги” аъзолари, фаоллар билан бўлаётган учрашувлар чоғида ҳар бир масала атрофлича муҳокама қилинмоқда. Фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича зарур методик тавсиялар берилаяпти.
Жойлардаги ўрганишлар ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириши тайин. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, қайси маҳаллада иш тўғри ташкил этилиб, фуқаролар билан яқин ҳамкорлик ўрнатилса, ўша ерда ҳамжиҳатлик ҳукм суради.
ИИВ академияси Ахборот хизмати