ИИВ Академияси ходимлари ўртасида ўтказилган мини-футбол турнири якунланди.
Мусобақада кафедра, бўлим ва хизматлар ҳамда бошқа таркибий тузилмаларда хизмат қилаётган ходимлардан таркиб топган 7 та жамоа иштирок этди. Жамоалар қуръа натижаларига қараб олимпия тизимида куч синашди.
Футбол ишқибозлари уч кун давомида шиддатли ва муросасиз учрашувлар гувоҳига айланишди. Айниқса чорак, ярим финал баҳслари голларга бой ўтди.
Турнирнинг кеча бўлиб ўтган сўнгги икки баҳсида ғолиб ва учинчи ўрин эгаси аниқланди. Дастлаб майдонга Ҳарбий тайёргарлик кафедраси вакиллари ва бўлим-хизматлар ходимлари тушди. Охирги сонияларгача интрига сақланиб қолган ўйинда 4:3 ҳисоби қайд этилди. Ғалаба бўлим-хизматлар футболчиларига насиб этди.
Ниҳоят, мухлислар кутган финал баҳсида юридик кафедралар профессор-ўқитувчилари ҳамда таркибий тузилмалар ходимлари майдон бўйлаб саф тортишди. Ҳар икки жамоа ушбу босқичга қадар мағлубиятга учрамагани боис, ўйиннинг шиддатли ўтиши тахмин қилинган эди.
Аммо бу фикрлар ўзини оқламади. Дастлабки дақиқалардан тизгинни ўз қўлига олган “кафедра”чилар рақибга ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Финал ҳуштаги янграганда таблодаги ҳисоб 7:3 кўринишига келганди!
Мусобақа ташкилотчиларининг таъкидлашича, ғолиб ва совриндорлар Хотира ва қадрлаш куни арафасида тантанали равишда тақдирланади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати