ИИВ академияси магистрлари томонидан олий таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди.
“Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият” шиори остида ташкил қилинган учрашувларда талаба ёшлар, профессор-ўқитувчилар, ички ишлар органлари профилактика инспекторлари, психологлар ва тьюторлар иштирок этди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент давлат аграр университети ва бошқа олий таълим муассасаларида бўлиб ўтган тадбирларда ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар, интернет тармоғи орқали кириб келаётган хавф-хатарлар, диний экстремизм ва радикализм билан боғлиқ таҳдидлар ҳақида сўз борди.
Талабаларга диний ақидапарастликка берилиш, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, қимор ўйинлари ва бошқа иллатларга ружу қўйиш, ҳуқуқбузарлик содир этишнинг оқибатлари атрофлича тушунтирилди. Мафкуравий хуружлар кучайиб бораётган бугунги шароитда аҳолининг барча қатлами, айниқса ёшларимиз бузғунчи ва зарарли ғоялардан огоҳ бўлиши, маънавий дунёқараши ва ҳуқуқий онгини юксалтириб бориши, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.
Айтиш жоизки, таъсирчан руҳда ўтган учрашувлар ёшлар тақдирига дахлдор долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиш, уларни эзгу мақсадлар сари ундаш, глобаллашув жараёнларининг салбий жиҳатларидан огоҳлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорлик режаси асосида ўтказилаётган тарғибот тадбирларини изчил давом эттириш режалаштирилган.
ИИВ академияси Ахборот хизмати