Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Миллий юксалишимизнинг мустаҳкам таянчи

11 Февраль 2023, 08:02

1011

Бугун ИИВ Академиясида “Илм, фан ва таълимда хотин-қизларнинг роли” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан ўтказилган анжуманда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олим ва экспертлар, жамият ҳаётида фаол меҳнат қилаётган хотин-қизлар иштирок этди. Тадбирни таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов очиб, юртимиз хотин-қизларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамиятдаги мавқеини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталди.

– Бугун аёллар учун барча соҳаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилган. Хотин-қизларимиз демократик жараёнлар, халқчил ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси ва ташаббускори сифатида жамиятга кириб келишмоқда. Шунинг ўзиёқ, бу борадаги давлат сиёсати ўзининг изчил самарасини кўрсатиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганидан далолат беради, – деди Академия раҳбари.

Илмий-амалий анжуманда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова, Сенат аъзоси Гулнора Марупова, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташева, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали ижрочи директорининг биринчи ўринбосари Муҳаббатхон Мирсолиева, ИИВ Академияси кафедра бошлиғи Каринэ Джавакова, Жамоат хавфсизлиги университети доценти Гўзалхон Нурмуҳаммедова, Божхона институти доценти Мунаввар Каримжонова ва бошқалар сўз олди.

Иштирокчилар “Хотин-қизларнинг таълимдаги ўрни ва инсон капитали”, “Коррупцияга қарши курашишда гендер масалалари”, “Замонавий илм-фан ривожида хотин-қизларнинг роли”, “Ўзбекистоннинг давлат сиёсатини амалга оширишда хотин-қизлар фаоллигини ошириш”, “Ҳарбий таълимда аёллар ролини оширишнинг айрим масалалари”, “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида божхона органлари хотин-қизларининг роли” мавзуида маърузалар тингладилар.

Анжуманда замонавий илм-фан шароитида олима аёллар олдида турган устувор вазифалар, бу ўринда хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, хотин-қизлар масалаларига оид ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Долзарб йўналишдаги таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шу куни Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни муносабати билан бир гуруҳ фаол хотин-қизлар Академия раҳбарияти томонидан тақдирланди.

ИИВ Академияси Ахборот хизмати

 

 

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech