ИИВ Академияда ўтказилган маънавият ва маърифат дарси Ўзбек тили байрамига бағишланди.
Ўқув муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, офицерлар, сержант ва сафдорлар таркиби ходимлари иштирок этган тадбирда Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Акмал Саидмўминов маъруза қилди.
Эътироф этилганидек, она тилимиз халқимизнинг бебаҳо маънавий бойлиги, миллий ғурури тимсолидир. Ҳар бир юртдошимиз давлат тилига бўлган эътиборни аввало мустақилликка, она Ватанимизга бўлган юксак эҳтиром ва садоқат деб билиши керак.
Тадбирда ўзбек тилини ривожлантириш борасида сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани, айниқса давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий таянчи бўлгани таъкидланди.
Она тилимиз шарафланган тадбир якунида Академия бадиий ҳаваскорлик жамоаси хонандалари томонидан миллий мумтоз қўшиқ ва ғазаллар ижро этилди. Китоб ярмаркасининг ташкил қилингани ходимлар учун байрамга муносиб туҳфа бўлди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати