Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

Миллий ўзлигимиз тимсоли

21 Октябрь 2022, 08:10

1112

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан ИИВ Академиясида ўтказилган тадбирда тилшунос тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар ва курсантлар иштирок этди.

Унда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Ўткиржон Исломов “Тил халқнинг борлиғини акс эттирувчи кўзгудир”, Ички ишлар вазирлиги академияси кафедра бошлиғи, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Анвар Курганов “Сўз – буюк қадрият”, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти Жалолиддин Юсубов “Тилнинг яширин имкониятлари”, ўқув даргоҳининг 3-босқич курсанти Жавоҳир Вафоев “Она тили – миллат руҳи, ор-номуси” мавзуида маъруза қилди.

– Миллатнинг равнақи, аввало, жамиятда она тилига бўлган эътибор билан ўлчанади. 1989 йил 21 октябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги мавқеини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлди. Ўтган йиллар мобайнида ўзбек тилининг тарихини ўрганиш, нуфузи ва аҳамиятини юксалтириш йўлида кўп ишлар қилинди. Бинобарин, муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, инсон учун киндик қони томган Ватани, дунёга келтириб вояга етказган ота-онаси қанчалик азиз ва мукаррам бўлса, унинг ўзлиги ва маънавий оламини белгилайдиган она тили ҳам шунчалик қадрли ва мўътабардир, – дейди филология фанлари номзоди, доцент Абдуваҳоб Холиқов.

Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотларни эътироф этиб, ўзбек тилининг мавқеини янада юксалтириш, тилшуносликка оид илмий тадқиқотларни кучайтириш масалаларига тўхталиб ўтишди. Шу куни “Она тили – миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик” мавзусида ўтказилган интеллектуал беллашувда фахрли ўринларни эгаллаган жамоалар диплом билан тақдирланди. 

 

ИИВ Академиясининг

Ўзбек тили ва хорижий тиллар кафедраси

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech