10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун. Шу муносабат билан ИИВ Академиясида “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Мадҳия она Ватанини севган, унинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун муқаддас ва қадрлидир. Бундан ўттиз бир йил муқаддам, 1992 йилнинг 10 декабрида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди. Қонунда мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи, унга катта эҳтиром билан қараш ҳар бир юртдошимизнинг ватанпарварлик бурчи эканлиги белгилаб қўйилган.
Ватанимиз бош қўшиғи янграганда қалбимизда миллий ғурур ва ифтихор, чексиз муҳаббат ва садоқат, эртанги кунга умид ва ишонч, яратувчанлик ҳисси пайдо бўлади. Шу боис, ҳар тонгни мадҳиямиз билан қарши оламиз, уни бутун вужудимиз ила жўр бўлиб куйлаймиз.
Сана муносабати билан академия саф майдонига йиғилганлар ҳам мадҳиямизни баралла ижро этдилар. Халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган Ватан қўшиғининг улуғвор аҳамияти, ҳаётбахш қудрати эътироф қилинди.
Академия маънавият ва маърифат марказида давом этган тадбирда юридик фанлари доктори, профессор, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси Феруза Муҳиддинова сўз олди. Таъкидланганидек, давлатимиз мадҳияси барчамизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялайдиган, ўтмишимиз ва келажагимизга чуқур ҳурматни шакллантирадиган восита саналади. Унинг асрлар оша мангу яшаши муқаддас тимсолларимизга бўлган юксак муносабатимизга, уларни асраб-авайлаш йўлидаги фидойилигимизга боғлиқ. Бу эзгу ҳаракатда ҳамжиҳат бўлиб, мамлакатимиз тараққиёти ва барқарорлигига муносиб ҳисса қўшишимиз лозим.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси қабул қилинганининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар, бош қўшиғимизнинг маънавий ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар айтилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати