Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Миллат фидойилари хотираси ҳамиша барҳаёт

26 Сентябр 2026, 17:49

54

Пойтахтимиздаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида эл-юрт тинчлиги учун жонини фидо қилганлар хотирасини ёд этиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Ички ишлар вазирлиги академияси раҳбарияти, соҳа фахрийлари, марҳум ходимларнинг оила аъзолари, офицер ва курсантлар иштирокида ўтган тадбир “Миллат фидойилари” монументи пойига гулчамбар қўйиш билан бошланди.

Тадбирда сўз олганлар юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида азиз жонини фидо қилган ички ишлар органи ходимларининг умр йўлини чуқур эҳтиром билан ёдга олдилар. Бугунги осуда кунлар замирида миллат фидойиларининг улкан матонати ва қаҳрамонлиги борлиги, улар кўрсатган мардлик ва жасорат ёш авлод вакиллари учун ҳамиша ибрат бўлиши зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

– Тадбирнинг ушбу табаррук масканда ўтказилишида рамзий маъно бор. Жасур замондошларимизнинг ҳаёт йўлини тарғиб қилиш орқали курсантларимиз онгу тафаккурига она Ватанни севиш, халқ манфаатларига хизмат қилиш, қасамёдга содиқ бўлиш муқаддас бурч эканини англатиш асосий мақсадимиздир. Зеро, ёшларни юксак дахлдорлик ҳисси билан яшаёдиган мард, ватанпарвар ва фидойи кадрлар этиб тарбиялаш долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди академия бошлиғи ўринбосари, подполковник Бобур Дадажонов.

Учрашув давомида бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан юртга муҳаббат ва садоқат, тинчлик, шукроналикни тараннум этувчи қўшиқлар ижро қилиниб, саҳна кўринишлари намойиш этилди. Курсантлар “Ғалаба боғи” мажмуасидаги диққатга сазовор жойлар билан танишиб, маънавий ҳордиқ олдилар.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech