Инсонни қадрлаш, муҳтожларга кўмак бериш, ёши улуғларга меҳр-мурувват кўрсатиш бебаҳо қадриятларимиздан.
ИИВ Академияси раҳбарияти ташаббуси билан соҳа фахрийлари ва хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олинди.
Саховат тадбири баҳонасида марҳумларнинг умр йўли, ёш авлод учун ибратга арзигулик хайрли амаллари, инсоний фазилатлари хотирланди. Юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон давлатимизнинг эътибор ва ғамхўрлигида эканлиги эътироф этилди.
– Умрнинг чинакам мазмуни кексалик чоғингда биланаркан, – дейди истеъфодаги подполковник Гильман Аҳмедов. – Кўп йиллар ички ишлар органларида хизмат қилдим. Билим ва тажрибамни ёшларга ўргатдим. Шогирдлар йўқлови мен қатори, рафиқамни ҳам хурсанд қилди. Дилдан суҳбат қурдик. Олижаноб халқимизнинг савобли амалларини асло унутиб бўлмайди.
Шу куни хонадон эгаларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур рўзғор анжомлари туҳфа қилинди. Кўнгил сўраш барчага қувонч ва шукроналик бағишлади.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати