25–29 июль кунлари Самарқандда ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходимлар иштирокида “Тўмарис издошлари” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Беш кун давом этган кўрик-танлов хотин-қизларнинг ўз касбига садоқати, ирода ва матонатини синовдан ўтказди, десак, муболаға бўлмайди. Тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг иштирокчилар мусобақага киришдилар.
Ҳакамлар ҳайъати аъзолари “Таништирув”, “Жанговар қуроллардан ўқ отиш”, “Ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш”, “Эстафетали югуриш”, “Дала шароитида таом тайёрлаш”, “Сузиш” ва бошқа шартлар орқали ҳар бир жамоа аъзоларининг касбий, жанговар ва жисмоний тайёргарлигини баҳолаб боришди.
Ниҳоят, кўрик-танлов якунида ғолиблар эълон қилинди. Унга кўра, умумжамоа ҳисобида ИИВ Академияси вакиллари биринчи, Қашқадарё вилояти вакиллари иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ва Самарқанд вилояти ИИБ вакиллари эса учинчи ўрин билан тақдирланди. Уларга тадбир ташкилотчиларининг диплом ва қимматбаҳо совғалари тантанали равишда топширилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати