Юртимизда миллатимиз давомчилари бўлмиш қизларни илму маърифатли, соғлом ва баркамол этиб вояга етказиш устувор мақсадлардан саналади.
Ички ишлар вазирлиги академиясида “Матонатли қизлар” фестивали бўлиб ўтди. “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурчимиз!” шиори остида ташкил қилинган тадбирда кундузги таълим курсантлари иштирок этди.
Фестивал доирасида ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини юксалтиришга қаратилган турли беллашувлар ўтказилди. Якунда энг маҳоратли қизлар муносиблар қаторидан ўрин эгаллади.
Жумладан, стол тенниси баҳсларида Мунира Суюндиқова, Одина Абдурашидова, жанговар қуролларни қисмларга ажратиш ва йиғишда Дилноза Жуманазарова, Каромат Давлетова, волейбол мусобақасида эса 2-ўқув курси қизлари ғолиб бўлди.
Беш кун давом этган фестивал “Янги Ўзбекистоннинг фидойи қизлари” кўрик-танлови билан якунланди. Уч шартдан иборат беллашувда 1-ўқув курсининг “Тўмарис издошлари” жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Тадбир сўнггида фестивал ғолиблари, фаол иштирокчилар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати