ИИВ академиясида таълим олаётган қизлар Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази фаолияти билан танишдилар.
Дастлаб марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти ҳақида маълумот берилди. Муассаса раҳбари Муқаддам Расулова мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди.
– Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликлар кўпинча оила шароитида рўй беради. Бу каби иллатларга барҳам бериш учун манзилли профилактик ишларни кучайтириш зарур. Биз, курсантлар бўлажак ички ишлар ходими сифатида жамиятдаги бундай муаммоларга алоҳида эътибор қаратиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишимиз керак, – дейди 3-босқич курсанти Ойша Рўзимова.
Мулоқот давомида хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган ғайриинсоний хатти-ҳаракатлар, бундай ҳолатларнинг асосий омиллари, марказ томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар билан амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Курсантларга марказ фаолияти ҳақидаги видеоролик қўйиб берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати