Очиқлик, тезкорлик ва холислик
Рус Ўзб O'z En

Янгиликлар

“Маърифат улашиб” тадбирлари мазмунли ўтди

18 Май 2024, 07:05

681

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги умумтаълим мактабларида таниқли адиб ва адабиётшунослар иштирокида учрашувлар ташкил қилинди.

Ички ишлар вазирлиги академияси ташаббуси билан 205-сонли мактабда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ахтамқул Карим, Нурбой Жаббор сўз олиб, адабиёт ва ёшлар тарбияси масаласига тўхталдилар. Ўқувчиларга китоб ўқишнинг маънавий зарурати, ёш авлод мафкурасига турли таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги шароитдаги долзарб аҳамияти ҳақида тушунча берилди. Ижодкорлар ўз ижод намуналаридан ёд айтдилар.

“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги тадбир 286-сонли мактабда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Учрашувда баракали ижоди билан миллий адабиётимизда салмоқли ўрин эгаллаган атоқли шоирларимизнинг ҳаёти ва ижоди ёдга олинди. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган хайрли ишлар эътироф этилди.

– Ҳар биримиз оилада тарбия оламиз, бироқ китоб туфайли комилликка етамиз, – деди филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жаббор. – Китобга меҳр қўйган инсон қалбида фақат эзгулик бўлади. Ҳаётда муносиб ўрин топишимизда ҳам китобнинг ўрни беқиёс.

Академия профессор-ўқитувчилари иштирокида туманнинг 222-сонли мактабида бўлиб ўтган яна бир тадбир Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов шеъриятига бағишланди. Адабий кечада филология фанлари номзоди, доцент Абдуваҳоб Холиқов сўз олиб, инсоний туйғуларни улуғлаган шоирнинг ҳаёти, серқирра фаолияти, бетакрор ижодининг ўзига хослиги ҳақида сўз юритди. Мулоқот чоғида ўқувчилар ўзлари қизиққан саволларга жавоб олишди.

Ёшларни юксак маънавиятли, фидойи ва ватанпарвар инсон этиб тарбиялашга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳаси давом этмоқда.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech