Юртимизда Қуролли Кучлар ташкил топганининг ўттиз йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий-ватанпарварлик тадбирлари ўтказилмоқда.
ИИВ Академиясининг Ҳарбий тайёргарлик кафедраси ташаббуси билан ташкил этилган беллашувда кундузги таълим курсантлари тўрт шарт бўйича ўз маҳоратларини намоён этишди. Ҳакамлар ҳайъати аъзолари тўппончадан ўқ отиш, қуролни қисмларга ажратиш ва йиғиш, фуқаро муҳофазаси ҳамда ҳарбий топография фанлари бўйича курсантлар томонидан бажарилган амалий топшириқларни баҳолаб бордилар. Баҳслар якунига кўра фахрли ўринларни 301-гуруҳ курсанти А.Турсунбоев, 124-гуруҳ курсанти С.Шакирова ҳамда 117-гуруҳ курсанти Р.Жамолиддиновлар эгаллади.
Беллашув доирасида кафедра қошидаги “Ватан ҳимоячиси” илмий тўгараги аъзолари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда истеъфодаги полковник Т.Соатов, Ҳарбий тайёргарлик кафедраси бошлиғининг ўринбосари, полковник И.Маҳмудов ва бошқалар сўзга чиқиб, Қуролли Кучлар тизимидаги кенг кўламли ислоҳотларга тўхталиб ўтишди.
– Ёшларимизни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, улар қалбида она Ватанимизга меҳр ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш долзарб вазифа саналади. Бу борада ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий самаралари кўрсатмоқда. Бинобарин, маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари юксак даражада шаклланган ёшлар юртимизнинг мустаҳкам қалқонига айланади, – деди полковник Иброҳимжон Маҳмудов.
ИИВ Академияси курсантлари билан олиб борилаётган жанговар-жисмоний тайёргарлик машғулотлари ҳақидаги видеоролик меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати