Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар жараёнида жиноятчиликни жиловлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада самарали тизимнинг жорий қилингани, хусусан, криминоген вазиятга таъсир кўрсатаётган омилларнинг “илмий диагноз” асосида ўрганилиб, ўз вақтида бартараф этилаётгани ижобий натижа бермоқда. Муҳими, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасидаги ишлар жадал давом эттирилмоқда.
Шу кунларда ИИВ академияси бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятининг криминоген вазиятини ўрганишга жалб қилинган. Бундан кўзланган мақсад ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шу орқали “маҳалла еттилиги” аъзоларига илмий-амалий жиҳатдан ёрдам кўрсатишдир.
Айтиш жоизки, ўтган қисқа вақт мобайнида ишчи гуруҳ вакиллари томонидан тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Қумқўрғон туманининг “Беш қаҳрамон”, “Дўстлик”, Шўрчи туманининг “Наврўз”, “Бобур”, “Боботоғ”, Сариосиё туманининг “Афросиёб”, “Мирзо Улуғбек”, Узун туманининг “Ўзбекистон”, Денов туманининг “Нурли манзил” ҳамда Шеробод туманининг “Каттабоғ” маҳаллаларида учрашувлар ўтказилди.
Фаоллар билан мулоқотда ҳудудларнинг криминоген ҳолати, содир этилаётган жиноятларнинг омиллари, ўзига хос хусусиятлари, ижтимоий профилактика борасида қилинаётган ишлар, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Масъулларга аҳолининг тинч-осуда ҳаётини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш, жиноят содир этилишига имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, “маҳалла еттилиги” тизимини самарали йўлга қўйиш юзасидан аниқ таклифлар берилди.
Ўрганишлар давомида яна бир муҳим масала – ички ишлар органлари ўрта буғин раҳбарларининг касбий билим ва малакасини ошириш ҳам эътибор марказида бўлди. Машғулотлар ИИВ Академияси бошлиғи Рустам Хатамов ҳамда тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилиб, ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарлари ва соҳавий хизматлар раҳбарларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш, криминоген вазиятни яхшилаш, шахсий таркиб билан олиб борилаётган маъанавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича билим ҳамда кўникмаларни оширишга қаратилган.
Ўрганишлар давом этмоқда.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати