Тошкент давлат юридик университетида Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида талабаларни огоҳликка чорловчи тадбир бўлиб ўтди.
Унда интернет орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялар, ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга қаратилган мафкуравий таҳдидлар, жамиятдаги маънавий бўшлиқларни тўлдириш омиллари хусусида атрофлича мулоҳаза юритилди.
Тадбирда ИИВ академияси профессори Ш. Қобилов, магистратура тингловчиси Ё. Арслонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси А. Аҳмадалиев сўз олиб, бугунги мураккаб шароитда ёшлар масаласи долзарб аҳамият касб этаётгани, мафкуравий таҳдидлар авж олаётган бир пайтда келажак авлодларнинг тақдирига лоқайдлик билан қараб бўлмаслигини айтиб ўтишди.
Глобал интернет тармоғи орқали кириб келаётган турли ахборотлар жамиятимиздаги айрим ёшлар онгини заҳарлаётгани, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёшлар томонидан гиёҳвандлик, қимор ўйинлари, диний радикализм, экстремизм ва бошқа иллатлар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилаётгани, бундай шароитда ёшларнинг маънавий иммунитетини кучайтириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, зарарли иллат ва ёт ғоялар таъсиридан асраш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбирда ёшлар онги ва қалбини эгаллашга қаратилган зарарли ғояларнинг асл мақсад-муддаоси, жиноятга қўл уришнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтириб ўтилди. Талабалар интернет тармоғидан ҳимояланиш, ахборот хуружларига қарши курашиш ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
ИИВ академияси Ахборот хизмати