Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, халқимиз фаровонлигини янада оширишга қаратилган. Бинобарин, маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам одамларни рози қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашдир.
ИИВ Академиясида ўтказилган илмий-амалий анжуман ички ишлар органлари тизимида амалга оширилаётган маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг натижа ва истиқболларига бағишланди.
Таълим муассасаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффар Зиёдуллаев сўз олиб, сўнгги йилларда ички ишлар органларининг халқчиллигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар мазмун-моҳиятига тўхталди.
Анжуман доирасида “Ички ишлар органлари тизимидаги маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотлар – инсон қадри учун”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар: натижа ва истиқболлар”, “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги маъмурий-ҳуқуқий ислоҳотлар”, “Патруль-пост хизмати фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий этишнинг аҳамияти”, “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш механизмини оптималлаштириш” сингари мавзуларда маърузалар тингланди.
Ички ишлар вазирлиги, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали, Божхона институти, Жамоат хавфсизлиги университети вакиллари иштирок этган илмий-амалий анжуманда қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
ИИВ Академияси Ахборот хизмати