Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги “Султония” ва “Алишеробод” МФЙлари фуқаролари билан учрашув бўлиб ўтди.
Ички ишлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари ҳамда шу ҳудудда иш ўрганиш ва малакавий амалиёт ўтаётган курсантлар томонидан “маҳалла еттилиги” тизимининг имкониятлари тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар аҳоли билан манзилли ишлашни кучайтириш мақсадида татбиқ қилинган янги механизмнинг имкониятларига тўхталиб ўтишди. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан профилактик суҳбатлар ташкил этиш, оила-турмуш доирасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда “Еттилик” вакилларининг ҳамкорликда ишлаши аҳоли муаммоларини ҳал этишда, маҳаллаларни обод ва хавфсиз ҳудудга айлантиришда мустаҳкам куч бўлиши таъкидланди.
Ўзаро мулоқот руҳида ўтган учрашувда маҳаллаларнинг криминоген вазиятига салбий таъсир кўрсатаётган омилларга ҳам эътибор қаратилиб, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида жиноятчиликка қарши муросасизлик муҳитини қарор топтириш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати