Очиқлик, тезкорлик ва холислик
O'z Ўзб Рус En

Янгиликлар

Маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди

12 Май 2026, 22:03

188

Давлатимиз раҳбарининг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган қарори криминоген вазият билан боғлиқ долзарб масалаларни манзилли ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қарорда жиноятчилик омилларини илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика самарадорлигини ошириш, аҳоли билан манзилли ишлаш борасида устувор вазифалар белгиланган.

Ички ишлар вазирлиги академиясида мазкур қарор ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда академия раҳбарияти, факультет ва кафедралар бошлиқлари, ҳудудларга бириктирилган ишчи гуруҳлар вакиллари ҳамда магистратура тингловчилари иштирок этди.

Йиғилишни таълим муассасаси раҳбари Рустам Хатамов олиб бориб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий ва криминоген вазиятни барқарорлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилди.

Қайд этилганидек, қарор ижросини таъминлаш мақсадида тажрибали профессор-ўқитувчилар сўнгги уч йилдан буён “қизил” тоифада қолаётган маҳаллаларга бириктирилди. Жиноятчилик омиллари жойларга чиқилган ҳолда ўрганилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Комплекс чора-тадбирлар натижасида 48 та маҳалла “яшил”, 24 та маҳалла “сариқ” тоифага ўтказилди, 37 та маҳаллада жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.

Шу куни пойтахтимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Айни масала юзасидан туманларга жалб қилинган магистратура тингловчиларининг ахбороти тингланди.

Академия бошлиғи белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини жадаллаштириш зарурлигини қайд этиб, жиноятчиликни криминологик прогнозлаш, муаммоларнинг ечимлари бўйича самарали механизмларни яратиш, ҳудудларга илғор тажрибаларни жорий қилиш юзасидан топшириқ берди.

Тандиқий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда маҳаллаларда жиноятчиликни кескин камайтириш, профилактик ишларни кучайтириш, аҳоли кайфиятини мунтазам ўрганиб бориш, муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўриш, “йўл харита”лар ижросини сифатли таъминлаш ҳамда бошқа йўналишларда муҳим вазифалар белгилаб олиниб, ижрога қаратилди.

“Пойтахт намунаси” асосида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар амалий натижасини кўрсатиши учун ҳар бир маҳалла, ҳудудда осойишта муҳитни қарор топтириш, бу орқали аҳолининг ички ишлар органларига бўлган ишончини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.

ИИВ академияси Ахборот хизмати

Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech