Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, энг аввало, юртдошларимиз манфаатларига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги қарори ҳам ана шу мақсадга қаратилган.
Бу борада Қибрай туманининг “Зебунисо” маҳалласида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ҳудудга бириктирилган ИИВ академияси вакилларининг маълумот беришича, маҳалладаги 600 дан зиёд хонадонда уч мингга яқин фуқаро истиқомат қилади. Ўтган йили 16 та жиноят қайд этилган, шундан 7 таси фирибгарлик билан боғлиқ.
Ўрганишлар давомида маҳалланинг криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатаётган 3 та “жиноят ўчоғи” аниқланган. “Маҳалла еттилиги” тизими ходимлари билан биргаликда жиноятчилик омиллари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Тегишли ташкилот ва муассасаларга тақдимномалар киритилган.
Маълумки, маҳалла профилактикасида аҳоли муаммоларини ўрганиш, оила-турмуш доирасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ижтимоий профилактика объектлари билан манзилли ишлаш, ёшлар жиноятчилигига барҳам бериш муҳим аҳамият касб этади.
Манзилли ўрганишлар чоғида мазкур йўналишдаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тарғибот-ташвиқот тадбирлари орқали фуқаролар, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва огоҳлигини ошириш, ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирда маҳаллани жиноятда холи ҳудудга айлантириш мақсадида аниқ вазифалар белгилаб олинган. Бунда “маҳалла еттилиги” билан самарали ҳамкорликнинг ўрнатилгани криминоген вазият билан боғлиқ ҳар бир муаммони ўрганиш, манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратишда айни муддао бўлмоқда.
ИИВ академияси Ахборот хизмати