Пойтахтимизнинг Миробод туманидаги “Мингўрик” маҳалласида 527 та хонадон бўлиб, мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Ўтган йили маҳалла ҳудудида ўғирлик, тан жароҳати етказиш, оилавий (маиший) зўравонлик ва бошқа турдаги жиноятлар қайд этилган. Шу боис, “пойтахт намунаси” асосида маҳаллада кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
ИИВ академияси бошлиғи Рустам Хатамов жиноятчиликни жиловлаш борасидаги ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида маҳаллада бўлиб, ҳудудга бириктирилган масъуллар, магистратура тингловчилари ва “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари билан мулоқот қилди.
Учрашув чоғида маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш, жиноятчилик омилларига барҳам бериш, аҳоли билан манзилли ишлаш, фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш, чораклик “йўл харита”лар ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ вакилларининг криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган таклифлари тингланди.
Академия бошлиғи ҳудудларда хавфсизлик чораларини кучайтириш, ҳуқуқбузарлик қайд этилиши мумкин бўлган нуқталарга қўшимча куч-воситаларни йўналтириш, “102” тизимига келиб тушган хабарларга зудлик билан муносабат билдириш, маҳалла аҳли ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун барча чораларни кўриш зарурлигини қайд этди.
Шу куни ҳудуддаги “хавфсиз кўча”, “хавфсиз уй”, “хавфсиз хонадон”, “хавфсиз йўлак” ва бошқа объектлар кўздан кечирилди. “SOS” тизими ёрдамида патруллик нарядларининг белгиланган вақтда чақирув жойига етиб келиши синов тариқасида текшириб кўрилди.
Ўрганишлар якунида “пойтахт намунаси” асосида амалиётга янгича ёндашувларни татбиқ қилиш, ижтимоий профилактикани кучайтириш, техник қўриқловга олинган объектларни “Хавфсиз шаҳар” тизимига интеграция қилишни жадаллаштириш, аҳолининг профилактика инспектори билан тезкор боғланиши учун барча имкониятларни ишга солиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Маҳаллада иш олиб бораётган “еттилик” ходимларига криминоген вазиятни яхшилаш борасида тавсиялар берилди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати