Халқимизни рози қилишга қаратилган изчил ислоҳотлар самараси, аввало, юртимиз маҳаллаларида ҳукм сураётган осойишта ва фаровон муҳитда намоён бўлмоқда.
Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Меҳржон” маҳалласида уюштирилган эко-ҳашар ҳам ана шу мақсадни кўзлагани билан муҳим аҳамият касб этди.
ИИВ академияси ташаббуси билан ташкил этилган тадбир давомида маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйлар атрофи, кўчалар, ариқ ва йўллар ободонлаштирилди. Кўнгилли ёшлар атроф-муҳитни чиқиндилардан тозалаб, ер майдонларига ишлов беришди. Мевали ва манзарали дарахтларни оқлаб, ҳудудларни тартибга келтиришди.
Ҳашар баҳонасида кўмакка муҳтож инсонлар истиқомат қиладиган хонадонлар атрофи ҳам кўркам ҳудудга айлантирилди. Йўлаклар бегона ўтлардан тозаланиб, аҳолига кўтаринки кайфият улашадиган файзли муҳит яратилди.
Эзгу ташаббус билан ён-атроф, табиат қайта жонланди. Зеро, юрт ободлиги маҳалладан бошланади, дея бежиз айтишмайди.
ИИВ академияси Ахборот хизмати